eye
Конституциявий суд янгиликлари
Ишчи гуруҳ Қонунни дастлабки тарзда муҳокама қилди
Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни кўриб чиқилиши назарда тутилган.

 

Шу жиҳатдан бугун, 17 февраль куни Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш доимий комиссиялари аъзолари, ҳамда экспертлар, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари иштирокида видеоконференцалоқа тизими орқали мазкур қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Муҳокамаларда таъкидланганидек, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий Қонунининг қабул қилиниши инсон ҳуқуқларини кенгроқ ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Жумладан, ҳозирги кунда Конституциявий суднинг фаолияти 2017 йил 31 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий Қонун билан тартибга солинади. Бироқ Конституциявий судда иш юритишнинг процессуал қоидалари Конституциявий суднинг ўзи томонидан тасдиқланган Регламент билан белгилаб берилган.

Аксарият мамлакатлар Конституциявий судлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бундай қоидаларни Конституциявий суд томонидан эмас, балки қонун билан белгиланиши назарда тутилган. Чунки иш юритишнинг процессуал қоидалари бевосита инсон ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ ва шунинг учун ҳам улар қонун билан белгиланиши лозим. 

Бундан ташқари, конституциявий суд ишларини юритиш амалиётининг таҳлили мамлакатимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳал этилиши лозим бўлган яна бир қатор долзарб муаммолар ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни тақозо этадиган масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, мамлакатимизда 2017-2020 йилларда амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотлар конституциявий суд ишларини юритишни янада демократлаштиришни тақозо этмоқда. Бундай демократлаштиришнинг йўналишларидан бири – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда самарали восита сифатида конституциявий шикоят институтини жорий этиш, яъни фуқаролар ва юридик шахсларга уларнинг конституциявий ҳуқуқлари Конституцияга мувофиқ бўлмаган қонунлар билан бузилганлиги сабабли уларнинг конституциявийлигини аниқлаш юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқининг берилишидир.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши конституциявий суд ишларини юритишни янги босқичга кўтаради.

Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб, Қонунда фуқаролар ва юридик шахсларга, шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилиб, Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар доираси кенгайтирилмоқда.

Ишчи гуруҳ йиғилишида Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари томонидан мазкур Қонун юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш