TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Замонавий иссиқхоналар иш ўрни ва экспортни таъминлашда катта манба
Президент Шавкат Мирзиёев 12 декабрь куни Хоразм вилоятига келиб, Хонқа туманидаги инновацион иссиқхонани бориб кўрди.

 

«Red Star Oxus» масъулияти чекланган жамият томонидан 205 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига ташкил этилган мазкур иншоот шу йил февраль ойида ишга туширилган эди. Бу мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, 7 гектар майдонда гидропоника усулида помидор, бодринг, бақлажон, булғор қалампири, кўкатлар етиштирилмоқда.

Иссиқхонада Нидерландиянинг «Kubo» компаниясида ишлаб чиқарилган «Ultra clima» ноу-хау технологияси келтириб ўрнатилган. Бунинг афзаллиги шундаки, иссиқлик вентилятор ёрдамида ультра иқлим зонасига тортилади ва пластик қувурлар орқали керакли жойга эҳтиёж даражасида юборилади. Яъни, ҳарорат бутун иссиқхонага эмас, балки етиштирилаётган сабзавотнинг илдизига йўналтирилади. Бу эса катта миқдорда энергияни тежашга ёрдам беради.

Таъкидлаш жоиз, бундай “бешинчи авлод” технологиясига эга иссиқхоналар дунёда 200 гектар атрофида. Шундан 7 гектари Ўзбекистонда.

Яна бир муҳим жиҳати – иссиқхона тепасига қуёш нурига ўхшаш хусусиятга эга махсус чироқлар ўрнатилган. Бу фотосинтез жараёнига сезиларли таъсир кўрсатиб, ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади.

Масалан, плёнкали иссиқхоналарда помидор кўчати 6 ой ҳосил берса, мазкур инновацион иссиқхонада бир йил мобайнида маҳсулот олиш мумкин.

Давлатимиз раҳбари айнан шу масалага алоҳида аҳамият қаратди.